Skip to main content

Сайт синов режимида ишламоқда

Янги функциялар аста-секин қўшилади

Таълим сифати — жамоатчилик фикри нигоҳида

Таълим сифати — жамоатчилик фикри нигоҳида

 ИНСТИТУТДА 4 741 НАФАР РEСПОНДEНТ ИШТИРОКИДА ОНЛАЙН СЎРОВНОМАЛАР ЎТКАЗИЛДИ

Урганч давлат тиббиёт институтида таълим сифатини янада ошириш, таълим жараёнидаги мавжуд имконият ва муаммоларни аниқлаш, шунингдек, институтдаги ижтимоий муҳитни ўрганиш мақсадида талабалар, ота-оналар, профессор-ўқитувчилар, битирувчилар ҳамда иш берувчилар ўртасида онлайн сўровномалар ўтказилди. Мазкур сўровномалар институт Таълим сифатини назорат қилиш бўлимининг 2025/2026-ўқув йили иш режасига мувофиқ ташкил этилди. Сўровномалар институтнинг расмий веб-сайти орқали жойлаштирилиб, таълим жараёнининг турли йўналишлари бўйича жамоатчилик фикри ўрганилди.

Сўровномаларда жами 4 741 нафар респондент иштирок этди. Жумладан, 3 837 нафар талаба, 493 нафар битирувчи, 223 нафар ота-она, 159 нафар профессор- ўқитувчи ҳамда 29 нафар иш берувчининг фикр ва таклифлари таҳлил қилинди.

Талабалар фикри — таълим сифатини такомиллаштиришнинг муҳим мезони

Талабалар учун ташкил этилган 15 та саволдан иборат сўровнома натижалари уларнинг таълим жараёни, профессор-ўқитувчилар фаолияти, мустақил таълим олиш имкониятлари ва яратилган шарт-шароитларга муносабатини ўрганиш имконини берди. Хусусан, профессор-ўқитувчилар томонидан талабалар билимини адолатли баҳолаш масаласи юзасидан респондентларнинг 37 фоизи барча ўқитувчилар адолатли баҳолашини, 35 фоизи эса уларнинг кўпчилиги адолатли ёндашишини билдирган. Шу билан бирга, айрим респондентлар баҳолаш жараёнида мавжуд камчиликларга ҳам эътибор қаратган. Мустақил таълим олиш учун яратилган шароитлар аксарият талабалар томонидан ижобий баҳоланган. Шу билан бирга, кутубхоналарда мустақил шуғулланиш учун қўшимча ўринлар ташкил этиш зарурлиги ҳақида таклифлар билдирилган. Талабаларнинг таълим сифатини янада яхшилашга қаратилган таклифларида замонавий ўқитиш методлари ва рақамли технологияларни жорий этиш, амалий машғулотлар сонини кўпайтириш, лаборатория ва симуляцион машғулотларни кенгайтириш, ўқув адабиётлари билан таъминланганлик даражасини ошириш масалалари устувор ўрин эгаллади.

Битирувчилар ва ота-оналар муносабати — таълим натижаларининг муҳим кўрсаткичи.

Битирувчилар ўртасида ўтказилган сўровномада 493 нафар респондент иштирок этди.Уларнинг фикрларида замонавий таълим жараёнини ташкил этишда профессор- ўқитувчиларнинг билим ва малакаси, ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш, сифатли ўқув адабиётлари билан таъминланганлик муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.Битирувчиларнинг иш берувчи ташкилотлар билан ҳамкорликка оид фикрлари ҳам алоҳида эътиборга молик. Уларнинг таъкидлашича, бундай ҳамкорлик талабаларининг касбий тайёргарлигини кучайтириш, амалий билим ва кўникмаларини ривожлантириш ҳамда меҳнат бозори талабларига мос рақобатбардош мутахассислар тайёрлашга хизмат қилади.Ота-оналар ўртасида ўтказилган сўровномада 223 нафар респондент иштирок этди. Ота-оналарнинг фикрларида бўлажак шифокор нафақат ўз касбининг билимдони, балки беморлар билан мулоқотда хушмуомала, масъулиятли ва ўз касбига фидойи бўлиши лозимлиги алоҳида таъкидланди.Шунингдек, талабаларнинг яшаш шароитлари, профессор-ўқитувчилар фаолияти ва таълим сифати юзасидан билдирилган фикрлар ота-оналарнинг институт фаолиятига бўлган муносабатини ўрганишда муҳим аҳамият касб этди.

Профессор-ўқитувчилар фикри — таълим жараёнини ривожлантириш омили.

Профессор- ўқитувчилар ўртасида ўтказилган сўровномада 159 нафар респондент қатнашди.Натижаларга кўра, респондентларнинг 70 фоизи дарс жараёнида мультимедиа воситалари ва онлайн платформалардан доимий фойдаланишини, 25 фоизи баъзан фойдаланишини, 5 фоизи эса фойдаланмаслигини билдирган.

Талабаларга сифатли таълим бериш учун яратилган шароитлар юзасидан профессор- ўқитувчиларнинг 65 фоизи барча зарур шароитлар мавжудлигини қайд этган. Шу билан бирга, айрим респондентлар ўқув хоналари, ахборот-коммуникация технологиялари воситалари, фанлар бўйича жиҳозлар, муляжлар ва тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлашни янада яхшилаш зарурлигини билдирган.Сўровнома натижаларида ўқув юкламаларининг тақсимланиши, таълим мазмунининг замонавий талабларга мувофиқлиги ва талабаларни ўқув машғулотлари вақтида турли тадбирларга жалб этиш масалалари ҳам акс этди.

Иш берувчилар баҳоси — малакали тиббиёт кадрларини тайёрлаш мезони.

Иш берувчилар ўртасида ўтказилган сўровномада 29 нафар респондент иштирок этди. Сўровнома натижаларига кўра, иш берувчиларнинг 35 фоизи институт битирувчиларининг касбий тайёргарлигини аъло, 55 фоизи яхши ва 10 фоизи ўрта даражада баҳолаган.  Шу билан бирга, битирувчиларнинг клиник ташхис қўйиш, дифференциал диагностика, амалий муолажаларни бажариш, тиббий ҳужжатларни юритиш ва дори воситаларидан оқилона фойдаланиш каби касбий кўникмаларини янада ривожлантириш зарурлиги қайд этилди. Битирувчиларнинг беморлар билан мулоқот қилиш ва жамоада ишлаш кўникмалари юзасидан ҳам таклифлар билдирилди. Жумладан, респондентларнинг 73 фоизи битирувчиларнинг шахслараро мулоқот кўникмаларидан қониқишини, 27 фоизи эса қониқмаслигини билдирган. Амалий кўникмалар бўйича эса ижобий фикрлар 65 фоизни, салбий фикрлар 35 фоизни ташкил этган.Иш берувчилар клиник базаларда амалий машғулотларни кўпайтириш, мутахассислар иштирокида маҳорат дарслари ва амалий семинарлар ташкил этиш, талабаларнинг клиник фикрлаш қобилиятини ривожлантириш муҳимлигини таъкидлаган.

Сўровнома натижалари — аниқ вазифалар ва истиқболли режалар асоси.

Ўтказилган онлайн сўровномалар натижалари институтда таълим сифатини янада такомиллаштириш бўйича қатор устувор вазифаларни белгилаш имконини берди.

Жумладан:

— талабалар мустақил таълим олиши учун кутубхона ва ахборот-ресурс марказларида қўшимча шароитлар яратиш;

— ўқув жараёнида замонавий педагогик технологиялар, рақамли таълим платформалари ва мультимедиа воситаларидан самарали фойдаланишни кенгайтириш;

— клиник, лаборатория ва симуляцион машғулотлар улушини ошириш;

— ўқув адабиётлари ва электрон таълим ресурслари базасини бойитиш;

— даволаш-профилактика муассасалари ва иш берувчи ташкилотлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш;

— талабаларнинг касбий, амалий ва коммуникатив компетенцияларини ривожлантириш.

Шунингдек, сўровномаларда талабалар ва ота-оналар иштирокини янада кенгайтириш, улар ўртасида ахборот-тушунтириш ишларини кучайтириш ҳам муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланди.

Урганч давлат тиббиёт институтида таълим сифатини таъминлаш жараёнида талабалар, ота—оналар, профессор—ўқитувчилар, битирувчилар ва иш берувчиларнинг фикр—мулоҳазаларига алоҳида эътибор қаратилади. Чунки таълим сифатини ошириш — бу нафақат таълим муассасасининг, балки бутун жамоатчиликнинг умумий мақсади ва масъулиятидир.

Таълим жараёнини такомиллаштиришга қаратилган бундай сўровномалар институтда ички сифатни таъминлаш тизимининг муҳим воситаси бўлиб, аниқланган муаммоларни бартараф этиш ва таълим сифатини изчил ривожлантиришга хизмат қилади.

Урганч давлат тиббиёт институти
Таълим сифати назорати бўлими


Абидов
16.03.2026